Шимолий Корея хакерлари бир йил ичида 400 миллион долларлик криптовалюталарни ўғирлашди

Шимолий Кореяга алоқадор хакерлар ўтган йил давомида 400 миллион долларлик криптовалюталарни ўғирлаган.

Криптовалюта платформаларида камида еттита киберҳужум содир бўлди, деб ёзади The Guardian, Chainalysis дастурий таъминот компанияси ҳисоботига таяниб.

“2020-йилдан 2021-йилгача Шимолий Корея билан боғлиқ хакерлик ҳужумлари сони тўртдан еттитага кўпайди ва бу ҳужумлардан олинган фойда 40% га ошди”, — дейилади компания ҳисоботида.

“Маблағларни олгандан сўнг, КХДР маблағларни яшириш ва нақд пулга айлантириш мақсадида пухта пул ювиш жараёнларини бошлади”, — дейилади хабарда.

Chainalysis таъкидлашича, КХДР билан боғлиқ хакерларнинг асосий фаолияти сармоявий компаниялар ва марказлашган биржаларга қаратилган. Хакерлар ташкилотларнинг маблағларини ўтказиш учун фишинг ҳужумлари, зарарли дастурлар ва илғор ижтимоий муҳандисликдан фойдаланган.

Қайд этилишича, киберҳужумларнинг салмоқли қисмини АҚШ санкциялари остидаги Lazarus Group хакерлар гуруҳи амалга оширган бўлиши мумкин. Гуруҳ халқаро банкларга, мижозлар ҳисобларига бузиб киришда, шунингдек, 2014-йилда Sony Pictures Entertainment-га киберҳужум уюштирганликда айбланган.

Chainalysis маълумотларига кўра, Пхенян дастурий воситалардан фойдаланишни кенгайтириш орқали ўғирланган криптовалюталарни ювиш бўйича ҳам саъй-ҳаракатларни кучайтирган. Ҳисоботда айтилишича, тадқиқотчилар 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган 49 та киберҳужум натижасида олинган криптовалюталарнинг ювилмаган захираларида 170 миллион долларни аниқлаган.

The Guardian нашрининг ёзишича, БМТ экспертлари Шимолий Кореяни ўғирланган маблағлардан санкцияларни четлаб ўтиш учун ядровий ва баллистик ракета дастурларини ишлаб чиқишда фойдаланганликда айблаган.

Нашрнинг эслатишича, ўтган йили Қўшма Штатлар Шимолий Корея разведка хизматида ишлаган уч шимолий кореялик дастурчини кўп йиллик хакерлик фаолиятида айблаган. Қайд этилганидек, Вашингтонга кўра, уларнинг кибержиноятлари 1,3 миллиард доллардан ортиқ оддий валюта ва криптовалютани ўғирлашга қаратилган бўлган, бундан ташқари, уларнинг фаолияти турли компаниялар, банклар ва Голливуд киностудиялари ишига таъсир қилган.