Қўшма Штатлар Россия Федерациясини терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер 29-июл, жума куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, тегишли қарор Давлат департаменти томонидан қабул қилинади.

«Бунинг учун Давлат департаменти АҚШ Конгресси томонидан қабул қилинган аниқ мезон ва қонунчиликни ҳисобга олган ҳолда тегишли қарор қабул қилишни талаб қилади. Биз буни Россияга қўшимча харажатлар юклаш учун мўлжалланган бир қатор бошқа таклифлар билан бирга кўриб чиқмоқдамиз», – деди Жан-Пер.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал АҚШ Сенати Оқ уйни Украина, Грузия, Сурия, шунингдек, Чеченистондаги ҳаракатлари туфайли Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олишга чақирувчи резолюция қабул қилган эди.

Бундан аввал АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкенга ҳам худди шундай талаб билан мурожаат қилган эди.