Шри-Ланка ҳукумати банкрот деб эълон қилди

Шри-Ланка сўнгги ўн йилликлардаги энг ёмон молиявий инқирозни бошдан кечирмоқда.

Бу ҳақда бош вазир Ранил Викрамасингхе маълум қилди, деб ёзади CNN.

Парламентда сўзлаган нутқида, инқирозга учраган мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш бўйича Халқаро Валюта Жамғармаси билан музокаралар «қийин» бўлганини, чунки 22 миллион аҳолига эга Шри-Ланка ривожланаётган давлат сифатида эмас, балки банкрот давлат сифатида музокараларга киришганини айтди.

«Ҳозир биз музокараларда банкрот давлат сифатида иштирок этмоқдамиз. Шунинг учун биз олдинги музокаралардагига қараганда қийинроқ вазиятга дуч келамиз. Мамлакатимиз банкротлик ҳолатида бўлгани учун биз ўз давлатимиз барқарорлиги бўйича режани алоҳида тақдим этишимиз керак.” — деди Викрамасинге.

Шри-Ланка валюта заҳиралари рекорд даражага тушиб кетганидан сўнг ва озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғи каби муҳим импортларни тўлаш учун доллар тугаганидан кейин 70 йил ичидаги энг ёмон молиявий инқирозга дуч келмоқда.

«Ёқилғи ва озиқ-овқат нуқтаи назаридан, мамлакатимиз бир нуқтада бу инқирозга дуч келиши керак эди. Ёқилғи тақчил эди. Озиқ-овқат нархи кўтарилди ва Россиянинг Украинадаги уруши каби халқаро инқирозлар вазиятни янада оғирлаштирди. » деди у

Викрамасингхе август ойигача қарзни қайта тузиш ва барқарорлик ҳисоботи ХВФга тақдим этилишига умид билдирди. Келишувга эришилгач, тўрт йиллик кенг қамровли кредит ёрдам дастури тайёрланади, деди Викрамасингхе.