Толибон Афғонистонда яна паспорт беришни бошлади

Афғонистонда ҳокимият тепасида турган Толибон расмийлари шанба куни фуқароларга паспорт беришни қайта бошлашларини эълон қилди.

Толибоннинг тушунтиришича, жараён якшанба куни Кобул ва бошқа баъзи жойларда бошланади. Ҳозирча фақат аввал мурожаат қилган афғонлар паспорт олади. 2022-йил 10-январдан янги аризаларни қабул қилишни бошлаш режалаштирилган.

Афғонистонда 2021-йил августида Толибон ҳокимият тепасига келганидан бери паспорт бериш тўхтатилган. Октябр ойида янги ҳокимиятлар паспорт беришни бошладилар, аммо тезда техник муаммоларга дуч келдилар.

Афғонистонда паспорт бериш учун масъул Алам Гул Ҳаққонийга кўра, “барча техник муаммолар бартараф этилган, биометрик маълумотлар билан ишлайдиган ускуналар тайёр”.

Ушбу ҳужжатлар Афғонистонда фақат чет элга саёҳат қилиш учун ишлатилади. Мамлакатнинг кўплаб аҳолиси учун бу гуманитар вазиятнинг кескин ёмонлашиши муносабати билан ўта долзарб масалага айланди.