Туркия Мудофаа вазирлиги Сурия ва Ироқда махсус операция ўтказаётганини маълум қилди

Туркия армияси Сурия ва Ироқда олиб борилган «Панжа-қилич» операцияси доирасида 364 нафар террористни зарарсизлантирди. Бу ҳақда 10-декабр куни мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбари Ҳулуси Акар маълум қилди, деб ёзади «Анадолу».

Унга кўра, 19-ноябр куни бошланган операция доирасида аниқ зарбалар билан кўп сонли бошпаналар, туннеллар, қурол-яроғ омборлари, террорчилар «штаб-квартираси» йўқ қилинган, 364 нафар жангари, жумладан, жиноий ташкилот етакчилари зарарсизлантирилган.

Бундан ташқари, навбатдаги операция туфайли жорий йилнинг 17 апрелидан бошлаб Ироқнинг бир қанча чегарадош ҳудудлари террорчилардан тозаланди.

Акар, Анқаранинг террорга қарши курашни худди шу қатъият билан давом эттиришини таъкидлади.

«Ҳеч ким, айниқса минтақани беқарорлаштираётган давлатлар Туркиядан ўз чегаралари яқинида ҳаракат қилаётган террорчиларнинг ҳаракатларини эътиборсиз қолдиришини кутмаслиги керак. Туркия Қуролли кучлари мамлакат ва халқ хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрди ва бундан кейин ҳам кўради», – деди вазир.

Унинг қўшимча қилишича, турк армиясининг ягона нишони ҳар қандай жиноий тўданинг террорчилари бўлган ва шундай бўлиб қолади.

«Туркия учун терор ташкилоти ПКК ва унинг Суриядаги жиноий тармоғи YPG ўртасида мутлақо фарқ йўқ. ПКК ва YPG/PYD бир танганинг юзлари. Биз мамлакатни ва халқни бу балодан қутқаришга аҳд қилдик» деди Мудофаа Вазири.

Эслатиб ўтамиз, 20-ноябр куни Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Сурия шимолидаги бир қанча аҳоли пунктлари, хусусан, стратегик аҳамиятга эга Кобани шаҳридаги курдларнинг позицияларига ҳужум қилган.