Туркия ва Арманистон 10 йил ичида илк музокараларини ўтказди

Томонлар 10 йил ичида илк бор мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласини муҳокама қилишди. Музокаралар давом этади.

Туркия ва Арманистоннинг алоқаларни нормаллаштириш бўйича махсус вакилларининг биринчи учрашуви Москвада 1,5 соат давом этган. Томонлар буни ижобий ва конструктив деб атади. Бу ҳақда Анадолу хабар бермоқда.

Туркия ва Арманистон ўртасида 1990-йиллардан бери дипломатик алоқалар мавжуд эмас. Россиядаги музокаралар ҳеч қачон ратификация қилинмаган 2009 йилги тинчлик битимидан кейин муносабатларни яхшилашга қаратилган биринчи уринишдир.

Туркия ва Арманистон ташқи ишлар вазирликлари махсус вакиллар “нормаллаштириш жараёни бўйича дастлабки фикр алмашганини” маълум қилди. Музокараларнинг навбатдаги босқичи қачон бўлиб ўтиши кейинроқ маълум қилинади.