Қуддусда бир қатор портлашлар содир бўлди, қурбонлар бор

23-ноябрь, чоршанба куни Исроил пойтахти Қуддуснинг Рамот туманидаги автобус бекатида портлашлар содир бўлди. Ҳодиса оқибатида одамлар жабрланган. Бу ҳақда маҳаллий newsru.co.il нашри хабар бермоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, сумкада қолдирилган портловчи қурилма ишга тушган.

Ҳозирда қурбонларнинг аниқ сони номаълум. Бир қатор ОАВ 7 нафар ярадор ҳақида ёзмоқда, улардан иккитасининг аҳволи оғир, бошқа нашрлар эса 12 нафар ярадор (улардан иккитаси оғир аҳволда) ҳақида хабар бермоқда. Ярадорлар шифохоналарга етказилган.

ОАВнинг полиция матбуот хизматига таяниб хабар беришича, иккита портлаш натижасида камида 14 киши жароҳатланган, улардан 11 таси биринчи портлаш натижасида.

Портлаш илк бор эрталаб соат 7:06 да Шаарей Йерушалайим кўчасидаги автобус бекатида қайд этилган.

Биринчи портлашдан ярим соат ўтгач, Қуддусдаги Рамот чорраҳасида яна бир портлаш содир бўлди.

Биринчи портлаш натижасида камида ўн киши жароҳатланган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир.

Полиция автобус бекатлари ва бекатларни тўсиб, портловчи мосламаларни қидирмоқда.