Украина Эрон элчисини аккредитациядан маҳрум қилди

Украина томони Эроннинг Украинадаги элчисини аккредитациядан маҳрум қилиш, шунингдек, Россияга ҳужумчи дронлар етказиб берилиши муносабати билан Эрон элчихонаси дипломатик ходимлари сонини қисқартиришга қарор қилди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Украинадаги муваққат ишлар вакилини чақириб, унга Эрон олий раҳбарияти қуролларининг Россияга етказиб берилиши «Украина томонидан очиқ эълон қилинган бетарафлик, Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш позициясига зид экани» маълум қилинди.

«Украинага қарши уруш олиб бориш учун Россияга қурол етказиб бериш Украина ва Эрон ўртасидаги муносабатларга жиддий зарба берувчи нодўстона ҳаракатдир. Бундай нодўстона ҳаракатга жавобан Украина томони Эроннинг Украинадаги элчисини аккредитациядан маҳрум этишга, шунингдек, Эроннинг Киевдаги элчихонаси дипломатик ходимлари сонини сезиларли даражада қисқартиришга қарор қилди», — дейилади хабарда.

Ҳозир Эроннинг Украинадаги элчиси Манучеҳр Моради штатдан ташқарида: кенг кўламли босқин бошида у Кишинёвга жўнаб кетди. Аккредитациядан маҳрум қилиш элчининг ўз вазифасини бажара олмаслиги ва дипломатик амалиётга кўра, Теҳронга қайтиши кераклигини англатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Владимир Зеленский Ташқи ишлар вазирлигига Россия қўшинлари томонидан Эронда ишлаб чиқарилган қуроллардан фойдалангани фактларига муносабат билдириш бўйича топшириқ берган эди.

Август ойида Вашингтон Теҳронни бундай қилмасликка чақирганига қарамай, Россия Эрондан Украинага кенг кўламли бостириб киришда фойдаланиш мумкин бўлган юзлаб дронларни олгани маълум бўлди.

Яқинда Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россия томонидан фойдаланилган тўртта Эрон дронини йўқ қилди.