Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россияни ЕХҲТ кенгашидан чиқаришни сўраганини айтди.
Бу ҳақда у Twitterдаги саҳифасида ёзган.
«Россиянинг асоссиз тажовузи ва ваҳшийлиги Хельсинки якуний акти асосларини барбод қилди. Россиянинг ЕХҲТга аъзолиги Европадаги хавфсизлик ва ҳамкорликка таҳдид солади», – деди Кулеба.
Вазирнинг қўшимча қилишича, агар ЕХҲТда мамлакатларнинг аъзолигини тўхтатиб қўйиш бўйича тегишли механизмлар мавжуд бўлмаса, унда тартиб яратиш ва Россия Федерациясини чиқариш зарур.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеяси уни Кенгашдан чиқариш учун овоз берганидан кейин Россия БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини муддатидан олдин тугатишга қарор қилган эди. Бу ҳақда чоршанба куни Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Геннадий Кузмин маълум қилди.