Украина ҳукумати Беларус билан келишувлардан чиқишни маъқуллади

Украина ҳукумати Беларус ҳукумати билан бир қанча шартномаларни бекор қилди.

Бу ҳақда 23-декабр, жума куни ҳукуматнинг Олий Рададаги вакили Тарас Мелничук Телеграмда маълум қилди.

«Украина ҳукумати ва Беларус Республикаси ҳукумати ўртасидаги ҳаво қатнови бўйича келишув бекор қилинди», — деб ёзади у.

Мелничукнинг айтишича, келишув Минскда 1995-йил 17-июлда имзоланган.

Бундан ташқари, Беларус билан қуйидаги шартномалар бекор қилинди:

  • 1995 йилда мудофаа ва хавфсизлик эҳтиёжлари учун қуроллар, ҳарбий техника, бошқа материаллар ва хизматларни ўзаро етказиб бериш тўғрисида (1994 йил 16 декабр);
  • қўшимча ишонч ва хавфсизлик чоралари тўғрисида (2001 йил 16 апрел);
  • қурол ва ҳарбий техника соҳасида қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш тўғрисида (2005 йил 18 октябр);
  • икки томонлама ҳарбий-техникавий ҳамкорлик жараёнида яратилган ва тақдим этилган интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида (2005 йил 18 октябр).