Украина қуролли кучлари Херсоннинг 60 та аҳоли пунктини озод қилди

Мудофаа кучлари Херсоннинг 60 дан ортиқ аҳоли пунктларини озод қилишди, шу билан бирга босқинчилар Украина шаҳридан чекинишдан олдин шаҳарнинг барча муҳим инфратузилмасини вайрон қилишди.

Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский кечки мурожаатида айтиб ўтди.

«Бугун кечқурунгача Мудофаа кучлари Херсоннинг 60 дан ортиқ аҳоли пунктларида назорат ўрнатди. Полиция барқарорлаштириш чораларини бошлади. Херсоннинг ўзида ҳам барқарорлаштириш тадбирлари давом этмоқда…

Босқинчилар Херсондан қочишдан олдин барча муҳим инфратузилмани – алоқа, сув, иссиқлик, электр таъминотини вайрон қилишди. Ҳамма жойда русларнинг мақсади бир – одамларни максимал масхара қилиш. Аммо биз ҳаммасини тиклаймиз, ишонинг».

Зеленский, шунингдек, Херсоннинг озод қилинган ҳудудида аллақачон 2000 га яқин портловчи моддалар – миналар, ўтказгич симлари, портламаган ўқ-дорилар қўлга олинганини айтди.

Президент Херсон аҳолисини босқинчилар томонидан қолдирилган бино ва обектларни мустақил текширишга уринмасликка чақирди.

Унинг таъкидлашича, шанба куни Херсонда маъмурий бинони миналардан тозалаш вақтида сапёрлардан бири яраланган.