Украина ва 33 давлат тажовуз жиноятлари учун трибунал тузадилар

Украина G7 мамлакатлари, Европа Иттифоқи ва Нидерландиянинг юридик маслаҳатчилари билан учрашувлар ўтказди, уларда зарарлар реестрини яратиш тафсилотлари муҳокама қилинди.

22-март куни Украина ташаббуси билан 33 давлатдан иборат коалиция Страсбургда Украинага қарши босқинчилик жиноятлари бўйича махсус трибунал тузиш учун йиғилди.

Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг таъкидлашича, трибунал Россиянинг кейинги барча ваҳшийликларига олиб келган дастлабки жиноят учун жавобгарликни таъминлаш учун зарурдир.

Адлия вазири ўринбосари Ирина Мудра Facebook да Страсбургда G7 мамлакатлари, Европа Иттифоқи ва Нидерландия юридик маслаҳатчилари билан учрашувлар ўтказилганини, уларда йўқотишлар реестрини яратиш тафсилотлари муҳокама қилинганини маълум қилди.

«Ниҳоят, биз сиёсий декларациялардан аниқ ва тафсилотларни келишиб олишга ўтдик», деди у.

Мудра Европа Кенгаши Бош котиби Мария Пежчинович Буричга Европа Кенгаши иштирокида зарарлар реестрини яратишдаги фаол позицияси учун миннатдорчилик билдирди.

«Россияни инсон ҳуқуқларини қўпол бузганликлари учун жавобгарликка тортиш ва Россия агрессияси қурбонларига товон тўлаш учун воситаларни яратиш Европа Кенгаши учун асосий аҳамиятга эга ва бунда Европа Кенгаши асосий рол ўйнашга тайёр», -қайд этди адлия вазири ўринбосари.

Мудранинг сўзларига кўра, Украина учун йўқотишлар халқаро реестри муҳим босқич, аммо якуний мақсад эмас.

«Фуқаролар ва корхоналарнинг аризаларини кўриб чиқадиган халқаро компенсация комиссиясини, шунингдек, Россия активлари билан тўлдирилиши керак бўлган компенсация фондини яратиш — бу Украина ҳамкор мамлакатлардан кутаётган харакати. Мутлақо сўзсиз», — деди у.

Реестрни яратиш билан бир қаторда Украина G7 билан компенсация комиссиясининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқмоқда.

«Бу узоқ, аммо жуда реал йўл бўлиб, бизни Россия учун масъулият ва компенсация тўлашнинг комплекс тизимини таъминлашга ишонч билан олиб боради», деб таъкидлади адлия вазири ўринбосари.