Украинадаги уруш Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги келишув билан тўхтатилади – Орбан

АҚШ ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри музокараларсиз Украинадаги урушни тугатиш имконияти кам. Бу ҳақда 29-июл, жума куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан давлат радиосига берган интервюсида маълум қилди, дея хабар беради Венгрия ҳукуматпараст «Magyar Nemzet» нашри.

Венгрия расмийсининг таъкидлашича, Ғарбнинг Украинадаги уруш бўйича стратегияси гўёки «муваффақиятсиз бўлган». Шунингдек, у Россия Федерациясига қарши санкциялар ва Ғарбдан қурол-яроғ етказиб бериш «иш бермаслигини» ва бу борада гўёки музокаралар олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Орбаннинг таъкидлашича, Америка Россия Украинага қарши бошлаган урушда асосий рол ўйнайди. Унинг фикрича, давлатлар «урушни молиялаштирадилар».

«Иккинчи жаҳон урушидан кейин биз яна Россия-Америка келишувларидан хавфсизлик келишувини кутишимиз керак», деб ҳисоблайди Венгрия бош вазири.

Орбаннинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар Украинани 50 миллиард доллар билан қўллаб-қувватлаган ва у яқин олти ой ичида украиналикларга бундай маблағни ким тақдим этишини билмайди, бироқ у «Европада бунчалик пул йўқлигига» ишончи комил.

«АҚШ ушбу ҳарбий стратегия натижа бериши мумкинлигига ишонар экан, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди», деди Венгрия бош вазири.

Орбан, шунингдек, Қўшма Штатлардаги жорий оралиқ сайловлар Россия-Украина уруши ҳақидаги тасаввурни ўзгартириши мумкин, деб ҳисоблайди.

Венгрия ҳукумати раҳбари, шунингдек, агар Ғарб ва хусусан, Брюсселнинг Украинадаги уруш бўйича стратегияси ўзгармаса, «октабрдан бошлаб биз (ЕИ аъзо давлатлари – таҳр.) ҳарбий иқтисодиётни кутишимиз керак», деди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Орбан нутқ сўзлаб, Ғарбнинг таназзулга учрашини башорат қилган ва «ўн йиллик хавф, ноаниқлик ва уруш»ни башорат қилган эди. У, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича Европа Иттифоқининг янги стратегиясини ишлаб чиқишга чақириб, санкциялар барбод бўлганини ва Украина ҳеч қачон ғалаба қозона олмаслигини айтди.