Ўзбекистон Хитойдан Афғонистонга янги транспорт йўлаги ташкил этади

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Афғонистон темир йўл компаниялари раҳбарлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Афғонистон» янги транспорт коридорини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди.

Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда «Қирғиз Темир Жолу» компанияси бош директори Азамат Сакиев, Афғонистон темир йўллари бош директори Бахт ул-Раҳмон Шарафат, Хитойнинг «Вагҳан коридор» логистика компанияси вакиллари, шунингдек, Хитой ва Афғонистон ҳукуматлари иштирок этди.

Мазкур йўлак бўйлаб юкларни автомобил транспортида Хитойнинг Қашқар вокзалидан Қирғизистоннинг Ўш вокзалига, Ўш вокзалидан Афғонистоннинг Ҳайратон вокзалига темир йўл орқали олиб ўтиш режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар йиллик юк ташиш ҳажми 3500 та контейнерни ташкил этган бўлса, келгусида йилига 60 мингтагача контейнер ташиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, учрашув давомида томонлар тариф чегирмалари масаласини муҳокама қилиш ва уларнинг тариф ставкасини кейинги учрашувда тақдим этишга келишиб олдилар.

Йиғилиш иштирокчилари йўлакни ривожлантириш учун бор куч-ғайратини ишга солишларини, янги ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлашларини таъкидладилар.