Ўзбекистон ва Франция тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистонлик шифокорлар Францияда малака оширади, француз мутахассислари мамлакатимизда тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Франциянинг жаҳонга машҳур «AP-HP» тиббиёт ассоциацияси билан ҳамкорлик қилади. Ушбу жараённи ташкил этиш мақсадида вазирлик раҳбари Беҳзод Мусаев ва Франция элчиси Орел Баучер ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Айтганча, француз «AP-HP» нафақат Европада, балки дунёдаги энг йирик шифохона тизимидур. У тиббиётнинг 52 йуналиши бўйича инновацион ечимлар асосида ишлайди. Бирлашмага қарашли 44 шифохонада 90 мингдан зиёд ходим йилига 5,8 миллион нафардан ортиқ беморга хизмат кўрсатмоқда.

Айни пайтда «AP-HP» дунёнинг 68 давлати билан шартномалар имзолаган. Ўзбекистон ушбу мамлакатларнинг олтмиш тўққизинчиси бўлди ва бу Ўзбекистон-Франция тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги бундай кўламдаги биринчи келишувдир.

Ҳамкорлик Францияда мамлакатимиз тиббиёт кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш амалиётини йўлга қўйишни ўз ичига олади. Ўз навбатида француз шифокорлари ҳам юртимизга келиб, ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашади. Тиббиёт муассасаларимиз моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилишда бевосита ёрдам беради. Келгусида франсуз мутахассислари билан биргаликда Ўзбекистондаги шифохоналардан бирини бошқариш тажрибасини синовдан ўтказиш режалаштирилган.

Ҳужжатда тиббий суғурта, педиатрия, акушерлик ва гинекология, гематология, онкология, офталмология каби йўналишларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари қайд этилган.

Шу билан бирга, мамлакатимизда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт ходимларини литсензиялаш ва аттестатсиядан ўтказиш тизимини жорий этиш, тиббий таълим сифатини ошириш бўйича Франциянинг илғор тажрибаси ўрганилади ва оммалаштирилади.

Бундан ташқари, «AP-HP» билан соғлиқни сақлашни бошқариш тамойилларини кенг қўллаш, фарматсевтика саноатини ривожлантириш ва ушбу соҳага сармоя киритиш, санитария хавфсизлиги соҳаларида мустаҳкам алоқалар ўрнатилади.