Жанубий Корея АҚШ кўмагида Украинага катта миқдордаги артиллерия снарядларини етказиб беришни режалаштирмоқда, деб ёзади Wall Street Journal нашри.
Хабар қилинишича, Сеул ва Вашингтон артиллерия ёрдами учун осиёлик иттифоқчисига мурожаат қилган Америка томонининг илтимосига биноан снарядларни Украинага етказиб бериш учун АҚШга топшириш бўйича «махфий келишув»га эришган.
Нашрнинг таъкидлашича, бу қарор Жанубий Корея президенти Юн Сек Ёлнинг ўтган ой Вашингтонга президент Джо Байден билан учрашганидан сўнг қабул қилинган.
Украинага ўқ-дори етказиб бериш имконияти масаласида Жанубий Кореянинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Чо Тэ Эн парламентда вазиятни чуқур ўрганиб чиққандан сўнг расмий даражада якуний қарор қабул қилинишини айтди.
У Корея тўғридан-тўғри Украинага ёки Полша орқали снарядлар юборишни режалаштирмаётганини таъкидлади, бироқ АҚШ билан мумкин бўлган ҳамкорлик ҳақида гапирмади.
Бундан ташқари, Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Chung Ха-Кю пайшанба куни ҳақиқатан ҳам Пентагон билан ўқ-дорилар экспорти бўйича музокаралар олиб борилаётганини, бироқ WSJ ҳисоботида «айрим ноаниқликлар» борлигини айтди.
«Турли муҳокамалар бўлди, турли сўровлар бўлди. Ҳукуматимиз Украинадаги ҳарбий вазият ва гуманитар соҳадаги вазиятни ҳар томонлама ўрганиб чиққандан кейин тегишли чораларни кўради», — деди Чон брифингда.