ЕХҲТ ДИИҲБ экспертлари мамлакатимизга ташриф буюришади

19-22 июл кунлари «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлиб ўтадиган умумхалқ референдуми муносабати билан ЕХҲТ/ДИИҲБ эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертларининг ташрифи кутилмоқда.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК) матбуот хизмати хабар берди.

Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг мақсади референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш билан танишиш, шунингдек, референдум тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил қилишдан иборат.

Миссия хулосалари асосида ЕХҲТ/ДИИҲБ бўлажак республика референдумини кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, унинг шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарур сони тўғрисида қарор қабул қилади.

Ташриф давомида миссия мутахассислари МСК раиси, қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашади.