Европа Иттифоқи давлатлари Россия газидан воз кечишга тайёр эмас – Чехия Бош вазири

Европа Иттифоқи томонидан тайёрланаётган Россияга қарши санкцияларнинг еттинчи пакети Россия Федерациясидан газни тақиқлашни ўз ичига олмайди.

Бу ҳақда Чехия бош вазири Петр Фиала 13-июл, чоршанба куни чоп этилган Reuters агентлигига берган изоҳида айтиб ўтди.

Чехия раҳбарининг фикрича, Еврокомиссия яқин кунларда янги санкциялар пакетини тақдим этиши керак. Унда олтин импортини тақиқлаш ва Россияга экспорт қилиш тақиқланган икки мақсадли товарларнинг кенгайтирилган рўйхати, шунингдек, янги санкция қўйилган субъектлар рўйхати киритилиши мумкин.

«Аниқ муаммоли нарса энергияни санкцияларга киритишдир, чунки санкциялар киритган мамлакатлардан кўра Россияга кўпроқ таъсир қилиши керак деган қоидага риоя қилиш керак. Менимча, газ у ерда бўлмаслиги керак, чунки бир қатор давлатлар Россия газига қарам», – деди Фиала.

Шу билан бирга, у ЕИ давлатлари, хусусан, Чехия бундай қарамликни сусайтириш учун барча имкониятларни ишга солаётган бўлса-да, бу қишда бундай бўлмаслигини таъкидлади.

Ниҳоят, бош вазир 26 июл куни Европа Иттифоқи энергетика вазирлари мавжуд вазиятни, жумладан, Европадан газни биргаликда сотиб олиш вариантини муҳокама қилишларини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Венгрия ҳукумати Россия газини етказиб беришга эмбарго жорий этилишига кескин қарши эди.