Сурхондарёда ноқонуний пиротехника воситаларининг йирик партияси қўлга олинди

Янги йил байрами арафасида аҳоли саломатлигига хавф туғдирувчи, келиб чиқиши шубҳали пиротехника воситаларининг ноқонуний айланиши кучаймоқда.

Сурхондарё вилоятидаги «Дарбанд» йўл-патрул хизмати постида божхоначилар томонидан катта миқдордаги пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.

Тезкор маълумотлар асосида вилоят божхона бошқармаси мутахассислари вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда «ISUZU» русумли автомашинани кўздан кечирди. Автомобилни хизмат ити ёрдамида кўздан кечириш чоғида унинг юкхонасида умумий қиймати 122,2 миллион сўмлик 814 блокдан иборат 407 минг 250 дона Британик фейерверклари ва 480 дона блокда қиймати 72 миллион сўмлик 240 минг дона Трения фейерверклари борлиги аниқланди.

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, 194 миллион 175 минг сўмлик 647 минг 250 дона пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Факт юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.