9-май куни АҚШ президенти Ленд-лизинг тўғрисидаги қонунни имзолайди

Жо Байден Украинага тезлаштирилган тартибда қурол, транспорт, озиқ-овқат ва ёрдам етказиб беришни назарда тутувчи ҳужжатни имзолаш ниятида.

АҚШ президенти Жо Байден 9-май куни Украина учун Ленд-лизинг тизимини жорий этиш ҳақидаги қонун лойиҳасини имзолайди.

Бу ҳақда 6-май, жума куни Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

«Душанба куни президент Украинада демократияни ҳимоя қилиш учун «Ленд-лизинг» қонунини имзолайди», деди Псаки.

Ушбу қонун Украинага Россияга қарши курашда ҳарбий ёрдам беришни соддалаштириш учун ишлаб чиқилган.

Псаки, шунингдек, Байден душанба куни G7 видеоконференциясида иштирок этишини тасдиқлади, унга Украина президенти Владимир Зеленский ҳам видео ҳавола орқали қўшилади.

Йиғилиш иштирокчилари Россиянинг Украинага қарши урушидаги сўнгги ўзгаришлар ва унинг глобал таъсирини муҳокама қилади.