АҚШ Украинадаги урушни муҳокама қилиш учун 40 та давлатдан ҳарбий раҳбарларни чақирди

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин келаси ҳафта Германияда 40 га яқин давлатнинг мудофаа ва ҳарбий етакчиларини йиғади. Лидерлар Украинанинг яқин ва узоқ муддатли мудофаа эҳтиёжларини муҳокама қилиши кутилмоқда, дея хабар беради Associated Press.

Пентагон сўзловчиси Жон Кирбининг айтишича, йиғилишга 40 га яқин давлат, жумладан Натога аъзо давлатлар таклиф этилган. Унинг таъкидлашича, давлатлар ҳали ҳам таклифга жавоб беришмоқда, шу боис қатнашадиганлар рўйхати кейинроқ эълон қилинади.

Учрашув Россиянинг Украинадаги урушнинг иккинчи босқичи бошлангани ҳақидаги хабарлари фонида бўлиб ўтади. Раҳбарлар Украинадаги жанг майдонининг янгиланган баҳосини, шунингдек, Украинага қурол ва бошқа ҳарбий ёрдамларнинг узлуксиз келишини давом эттириш саъй-ҳаракатларини муҳокама қиладилар, деди Кирби.

Бундан ташқари, матбуот котибининг сўзларига кўра, муҳокама Украинанинг урушдан кейинги мудофаа эҳтиёжлари бўйича маслаҳатлашувларни ўз ичига олади, бироқ АҚШнинг Европадаги ҳарбий позициясини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилиши кутилмайди.