Афғонистон Ўзбекистон чегарасига ракета зарбалари бўйича текширув бошлади

Афғонистон муваққат ҳукуматининг расмий вакили Ўзбекистон ҳудудига снарядлар тушиши бўйича текширув бошланганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 5-июл куни тахминан соат 16:20 да Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда Афғонистондан учиб кетгани тахмин қилинган бешта ракета қулагани қайд этилган эди.

6 июл куни Афғонистон муваққат ҳукуматининг расмий вакили Забиулла Мужоҳиднинг айтишича, Афғонистон ҳудудидан Термизга ракета ҳужуми уюштирганлар дўст Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ишончсизлик муҳитини яратишни мақсад қилганлар.

Толибон ҳаракати вакиллари аллақачон уларни ҳибсга олиш ва жазолаш учун қидирмоқда.

Аввалроқ ТИВ матбуот хизмати снарядлар тушиши вақтида портлашлар содир этилмагани, натижада инсон қурбонлари ва вайронагарчиликлар кузатилмагани ҳақида хабар берган эди.

Термиз шаҳридаги «Мажнунтол» маҳалласида жойлашган тўртта хусусий уйга кичик зарар етган, бешинчи снаряд футбол майдонидан топилган. Топилган снарядлар сапёр бўлинмаси томонидан зарарсизлантирилди.