Афғонистон Ўзбекистондан 58 вагон гуманитар ёрдам олади

Афғонистонга яна бир инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бугун, 30 апрел куни қардош афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдами 58 вагонлик хайрия поездида Термиз шаҳридаги «Айритом» чегара пункти орқали қўшни давлатга жўнатилди.

Қайд этилишича, шу муносабат билан икки давлат расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтади.

Сурхондарё вилояти маъмурияти Афғонистонга юборилган гуманитар ёрдам таркибида айнан нима борлигига аниқлик киритмади.

Катта эҳтимол билан жўнатилаётган товарлар озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлардан иборат бўлиши мумкин.

Ўтган йилнинг декабр ойи охирида Термиз орқали Афғонистонга ҳам гуманитар ёрдам жўнатилган эди.

Кейин 63 вагондан иборат хайрия поездининг юки озиқ-овқат, кийим-кечак ва кўмирдан иборат эканлиги маълум қилинди. Ўзбекистондан афғон халқига ёрдам сифатида жўнатилган.