Афғонистонга ёрдам: Ўзбекистон озиқ-овқат, кийим-кечак ва кўмир олиб борадиган поезд жўнатди

Бугун Термиздан афғон халқига 63 вагон гуманитар ёрдам юкланган поезд жўнатилди.

Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 23 декабр куни Термиздан Афғонистонга темир йул орқали навбатдаги гуманитар юк жўнатилди.

У Ўзбекистон Республикасидан афғон халқига текин ёрдам тариқасида юборилаётган озиқ-овқат, кийим-кечак ва кўмирдан иборат.

63 вагондан иборат поезд бугун эрталаб Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига жўнаб кетди.

Қайд этилишича, бугун Балх вилояти марказида икки давлат расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтади.