11-13-май кунлари Қашқадарё вилоятида «Ethno and modern fashion week» халқаро фестивали бўлиб ўтди, унинг доирасида турли маданий ва спорт тадбирлари ташкил этилди. Маданият ва туризм вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, «Ўзлегсаноат» уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур тадбир хорижий ва маҳаллий сайёҳларни кенг жалб этиш, этнотуризм ва гастрономик туризмни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Фестивал доирасида этноспорт ўйинлари, гастрономик фестивал, этно ва замонавий либослар халқаро танлови, халқ ҳунармандчилиги ва заргарлик буюмлари миллий ярмаркаси бўлиб ўтди.
Бундай сайилларнинг бой тарихга эга, кўплаб маданий мерос объектларига эга бўлган Темурийлар юрти Шаҳрисабзда ўтказилиши бежиз эмас.
Тадбирдан кўзланган мақсад Қашқадарё вилоятига хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, этнотуризм, гастрономик ва маданий туризмни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада мустаҳкамлашдан иборат.
«Ethno and modern fashion week» халқаро фестивалида англиялик таниқли дизайнер Умар Мансур Шайх, «Omar Mansoor» бренди асосчиси, франциялик «Ladychic Paris» бренди асосчиси Лопес Артега, креатив дизайнер ва «Х8» бренди асосчиси Ли Вонкванг, шунингдек, Малайзия, Хитой, Мўғулистон, Россия, Қозоғистон каби турли мамлакатларнинг мода ва дизайн вакиллари иштирок этади.
Тадбирда сўзга чиққан «Omar Mansoor» бренди асосчиси Умар Мансур Шайх шундай деди: «Ўзбек миллий либослари, улар ишлаб чиқарилишининг диди ва ранг-баранглиги, ўзбекнинг янги ижодий намуналарини яратиш ғояси менда катта таассурот қолдирди ва коллекциям учун матолар туғилди. Бу ерда ўзбек дизайнерлари билан фикр алмашдим. Биз уларнинг ўзбек модасини жаҳон подиумларида танитиш борасидаги ишларига ёрдам бермоқчимиз. Умид қиламанки, биз бу борада яхши хабарларни етказиб бера оламиз».
Дастур доирасида «Миллий ва замонавий мода: назария, амалиёт ва тажриба» мавзусида илмий-амалий конференция, модалар кўргазмаси, Яккабоғ туманида этноспорт мусобақалари,маҳаллий усталарнинг маҳсулотлари, «Амир Темурнинг ҳарбий машқлари» номли театрлаштирилган томошалар, маҳорат сабоқлари, миллий таомлар кўргазмаси, миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди.
Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор жойларига экскурсиялар ташкил этилмоқда.
Бундай тадбирларда иштирок этган Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари амалий тажриба орттирди.
Тадбирлар давомида маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди, шунингдек, Қашқадарёнинг ноёб сайёҳлик йўналишлари ҳақида кенг жамоатчилик учун медиа-контент тайёрланди.