Бастрикин яна хавфли муҳожирлар ҳақида гапирди

Россияда Марказий Осиё фуқаролари ва меҳнат муҳожирларининг жиноий хавфи мавзуси яна кўтарилди. “Муҳожирларни депортация қилишга чақириқлар мамлакатдаги глобал муаммолар фонида россияликларни чалғитиш учун қилинмоқда. Шу билан бирга, Россия қурилиш майдонларида ишчи кучининг салмоқли қисмини ташкил этувчи, шунингдек, урушга муҳожирларни жалб қилувчи хорижликларга муҳтож”, — дейди Ғарб таҳлилчилари.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши комиссиясининг Дмитрий Медведев раислигида бўлиб ўтган йиғилишида Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин яна муҳожирлар ўртасида жиноятлар сони ортиб бораётгани мавзусини кўтарди. Тергов қўмитаси раҳбарига кўра, Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Россия жамиятига мослашишда қийналмоқда, бу эса жиноятчилик даражасининг юқори бўлишига сабаб бўлмоқда. Россиянинг турли шаҳарларида борган сари этник анклавлар пайдо бўлмоқда, бу эса мигрантларнинг жамиятга интеграциялашувига тўсқинлик қилмоқда. Хавфсизлик Кенгаши комиссияси аъзолари Марказий Осиё фуқаролари чегарани кесиб ўтишда мажбурий бармоқ изларини олиш масаласини муҳокама қилди.

Россия Ички ишлар вазирлиги ҳар бир чет эл фуқароси учун рақамли профил яратиш ғоясини илгари сурди. Учрашувда Бастрйкин яна муҳожирлар ўртасида содир этилган жиноятлар статистикасини эълон қилди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилда Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар сони 32 фоизга ошган. Йиғилиш давомида Хавфсизлик кенгашининг идоралараро комиссияси аъзолари томонидан миграция сиёсати соҳасидаги чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилиб, ҳукумат уларни амалга оширишни мўлжалламоқда.

Шу билан бирга, “Ягона Россия” партиясидан депутат Султон Ҳамзаевнинг айтишича, мамлакатда мигрантларнинг ижтимоийлашувига ёрдам бериш ўрнига уларни миллати ва касбий даражасига қараб қоралаш одат тусига кирган. “Агар сиз баъзи оммавий ахборот воситаларини ўқисангиз, Россияда мигрантларни йўқ қилиш орқали жиноятни йўқ қилиш мумкин деган таассурот пайдо бўлади, аммо бу ундай эмас. Статистик маълумотлар аллақачон келтирилди: фақат 2022 йилда Москвада 138 180 та жиноят рўйхатга олинган, улардан 7 683 таси чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилган. Оддий ҳисоб-китоблар орқали биз мигрантлар жиноятларнинг беш ярим фоизга яқинини содир этганини аниқлаймиз”, — деб ёзди Ҳамзаев Телеграмдаги каналида.

Челябинск вилоятида Кременкул қишлоғи аҳолиси муҳожирлардан ҳимоя қилишни сўраб президент Владимир Путинга мурожаат қилди. У ерда бозор қуриш учун қишлоқдаги ўрмон кесилган. Москва яқинидаги Щелково шаҳрида маҳаллий аҳоли мигрантларни болалар майдончасини эгаллаб олганликда айбламоқда. Чет элликлар болаларнинг у ерда ўйнашига тўсқинлик қилмоқда. “Айни пайтда Россияда кадрлар инқирози давом этмоқда. Қурилиш ва бошқа корхоналарда ишчилар етишмайди. Мамлакатда қолиш қоидаларини кучайтириш, рублнинг тушиши ва урушга ёллаш босими остида муҳожирлар Россияни тарк эта бошладилар”, деб ёзади сиёсатшунослар.