Болалар ўйинчоқлари хавфсиз бўлади: қонун қоидалар ишлаб чиқилган

«Ўзстандарт» болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги баҳоланадиган ва таъминланадиган тартибга солиш бўйича ишлар якунланганини эълон қилди.

Техник регламент болалар ва уларга ғамхўрлик қилувчи катталар ҳаётини ҳимоя қилиш, ўйинчоқларни хавфсиз ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича талабларни белгилаш учун ишлаб чиқилган.

У ёнғин, кимёвий, токсикологик-гигиеник, электр хавфсизлиги, радиатсия, ўрашнинг микробиологик хавфсизлиги, маркалашга қўйиладиган талабларни ўз ичига олади.

Белгиланган талабларга мувофиқ:

— болалар ўйинчоқлари таркибида портловчи моддалар ва материаллар бўлмаслиги керак;

— электр ўйинчоқлар ва ҳар қандай таркибий қисмларнинг номинал кучланиши 24 В дан ошмаслиги керак;

— ўйинчоқларни ишлаб чиқаришда, яъни бошқа мақсадлар учун ишлатиладиган материалларни қайта ишлаш натижасида олинган иккиламчи хом ашёлардан фойдаланишга йул қўйилмайди;

— ўйинчоқлар маънавий, ахлоқий, психологик хавфсизликни таъминлаши керак, шунингдек «оммавий маданият» ни тарғиб қилмаслиги керак;

— ўйинчоқлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган миллий мувофиқлик белгиси билан белгиланиши керак;

— уч ёшга тўлмаган болалар учун мўлжалланмаган ўйинчоқларни тақиқловчи график белгиси бўлган ёш гуруҳлари билан белгилаш керак.

Бундан ташқари, қуйидагилар тақиқланади:

— ёнғин хавфини туғдирадиган ва иситиш элементлари бўлган ўйинчоқлар ишлаб чиқариш;

— ҳар қандай турдаги лазер нурланиш тизимларидан фойдаланиш.

Шунингдек, у озиқ-овқат маҳсулотларининг чакана савдоси учун чиқарилган ва / ёки озиқ-овқат билан бирга алоҳида шахсий қадоқланган бўлиши керак бўлган болалар ўйинчоқларининг алоҳида қадоқланишини талаб қилади.