Британия Украинага Brimstone ракеталарини беради

Буюк Британия яқин бир неча ҳафта ичида Украинага юқори технологияли Brimstone синфидаги ракеталарни етказиб беради.

Бу ҳақда 26-апрел, сешанба куни парламент олдида чиқиш қилган Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Хиппи маълум қилди.

«Мен Жамоатлар палатасига хабар қилмоқчиманки, биз яқин бир неча ҳафта ичида, эҳтимол парламент Қиролича тахти нутқи учун танаффус қилинган пайтда Brimstone тақдим этамиз», деди у.

Аниқлик киритадиган бўлсак, Елизавета II нинг анъанавий равишда парламентнинг янги сессияси очилишини нишонлайдиган нутқи 10-майга белгиланган.

Brimstone – ҳаводан ерга мўлжалланган ракета. Британия ҳаво кучлари учун MDBA халқаро консорсиуми томонидан ишлаб чиқилган. У ҳаракатланувчи нишонларни юқори аниқлик билан уриш имконини берувчи фаол радар боши билан жиҳозланган. Бундан ташқари, лазер йўриқномаси имконияти мавжуд.