Депутатлар давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни кўриб чиқдилар

Ўзбекистон парламенти матбуот хизмати хабарига кўра, бугун, 6 декабр куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтгани маълум.

Йиғилишда депутатлар «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар, деб хабар берди парламент матбуот хизмати.

Ҳужжат 5 боб ва 34 моддадан иборат бўлиб, унда давлат маблағлари ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тамойиллари, бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олиш ҳуқуқларининг кафолатлари белгилаб берилган.

Фуқаролик ва маъмурий ишларни давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар қаторига киритиш орқали фуқароларга бепул юридик ёрдам олиш имкониятини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмини, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартибини жорий этиш ва давлат томонидан ушбу мақсадларга ажратилаётган маблағларнинг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатишга хизмат қилади.

Халқ вакиллари қонун лойиҳасини қабул қилди.