Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Девид Ўсалливан икки кунлик ташриф билан Тошкентга келди ва у ерда юқори мартабали расмийлар, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашув ва музокаралар ўтказди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон билан Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш ва икки томонлама мақсадли товарларни реэкспорт қилиш учун республика ҳудудидан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни олишдан иборат эди.
«Биз Ўзбекистоннинг бетараф бўлиш истагини ҳурмат қиламиз ва Ўзбекистон ўз ҳудудидан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга қарши эканлиги ҳақидаги кафолатларни миннатдорчилик билан қабул қиламиз. Бу давлатнинг сиёсий танлови эканини тушунамиз», – деди Девид Ўсалливан.
Ўсалливан, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган ва санкцияларга дучор бўлган маҳсулотлар Россияга учинчи давлатлар, жумладан, Ўзбекистон орқали кириб келаётганидан хавотир билдирди.
Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллаш, унинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан савдо алоқаларини ривожлантиришга аралашиш ниятида эмаслигини таъкидлади.
«Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатини Ўзбекистон орқали олиб ўтиш имкониятига алоҳида эътибор қаратишларини сўрадик», – дея қўшимча қилди махсус вакил.
Унинг қайд этишича, санкциялар фақат жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган ноқонуний операцияларга нисбатан қўлланилади.
«Биз Ўзбекистон санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз ҳудудидан фойдаланишга қаршиэеканлигидан миннатдормиз», — деди Ўсалливан.