Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда 1 июл куни рўй берган тартибсизликларга муносабат билдирди ва можаронинг барча томонларини босиқликка чақирди.
Тегишли баёнот Европа ташқи ҳаракатлар хизмати сайтида эълон қилинди.
“Биз Президент Мирзиёевнинг конститутсияга таклиф этилаётган ўзгартиришлар бўйича жамоатчилик хавотирларига тезкор жавоб берган қадамларини тан оламиз”, — деди Европа Иттифоқи.
Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматини воқеалар юзасидан очиқ ва мустақил тергов ўтказишга чақирди.
“Биз қурбонлар учун чуқур афсусдамиз ва воқеалар ривожини диққат билан кузатишда давом этамиз. Биз барча томонларни ҳар қандай кескинлашув ва кейинги зўравонликларга йул қўймаслик учун вазминликка чақирамиз”, — дейилади баёнотда.
Европа Иттифоқи, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ, ҳукуматни инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлиги ва йиғилишлар эркинлиги каби асосий ҳуқуқларни кафолатлашга чақирди.
Бундан ташқари, Брюссел Тошкентга халқаро нормалар асосидаги ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, 4 июл куни Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши президенти Шарл Мишел ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтгани маълум бўлди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Европа кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Суҳбат аввалида давлат раҳбари янги Ўзбекистонда қайтариб бўлмайдиган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишда кўрсатилаётган ҳар томонлама ёрдам учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, Европа кенгаши президенти Ўзбекистоннинг мамлакатда кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатни шакллантиришга қаратилган очиқ ислоҳотлар курсини давом эттириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
Биз Президент Мирзиёев томонидан кўрилган чораларни тан оламиз, дейилади Европа Иттифоқи агентлик сайтида эълон қилинган баёнотда.
Шу нуқтаи назардан, алоҳида бузғунчи кучлар томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга ё‘л қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди. Чарлз Мишел жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиришни сўради.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тайёрлашни якунлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Умумлаштирилган Преференциялар тизими плюс афзалликларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ва сармояни ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар, биринчи навбатда, “яшил иқтисодиёт”, рақамлаштириш, инноватсиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, экология, та’лим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалий ҳамкорликнинг аниқ дастур ва лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Марказий Осиё минтақасидаги мавжуд вазият ва Европа Иттифоқи билан кўп томонлама мулоқот даражасини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жумладан, мустаҳкам тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш ва Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга қаратилган йирик халқаро тадбирларни ташкил этиш қўллаб-қувватланди.