Европа Иттифоқи Россиянинг 21 авиакомпаниясини қора рўйхатга киритди

Европа комиссияси Россиянинг 21 авиакомпаниясини қора рўйхатга киритди. Бу ҳақда регуляторнинг 11 апрел куни эълон қилинган хабарида айтилади.

EU Air Safety List, хусусан, Россия Федерациясининг энг йирик авиакомпаниялари – Аэрофлот, Россия, Победа, Ютэйр, S7 кирди.

«Халқаро хавфсизлик стандартларига мос келмаслиги» сабабли уларга Европа Иттифоқи ҳудудида парвоз қилиш тақиқланган.

Компанияларнинг қора рўйхатга киритилиши «Россиянинг хорижий самолётларни мажбурий қайта рўйхатдан ўтказиши, уларга амалдаги парвозга яроқлилик сертификатларисиз фойдаланишга атайлаб рухсат бергани сабабли жиддий хавфсизлик хавотирларини акс эттиради», дейилади Европа комиссияси баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 26-феврал куни Европа Иттифоқи Россияга фуқаролик самолётлари ва эҳтиёт қисмларини етказиб бериш, шунингдек, уларга техник хизмат кўрсатиш ва суғурта қилишни тақиқловчи санкциялар киритган эди. Бундан ташқари, санкциялар лизинг берувчиларни март ойи охиригача Россия авиакомпанияси билан мавжуд шартномаларини бекор қилишга мажбур қилди.