ФАО ва БМТ биргаликда Ўзбекистондаги ўрмон майдонларини тиклашда ёрдам беради

20-21 сентабр кунлари Тошкентда “Ўзбекистонда барқарор ландшафтларни тиклаш бўйича ўрмон секторини техник-иқтисодий асослаш” мавзусида Миллий ўрмон сиёсати мулоқоти бўлиб ўтди.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги вазирликлари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар вакиллари, ФАО экспертлари, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ва бошқа халқаро ташкилотлар иштирок этди..

Миллий ва халқаро экспертлар бир минбарда тўпланиб, ўрмон соҳасини ривожлантириш учун қулай сиёсий, ҳуқуқий ва институционал асосларни яратиш, мамлакатимизда ўрмон ландшафтларини тиклашни молиялаштириш механизмлари каби муҳим масалаларни муҳокама қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўрмонларни қайта тиклашга қаратилган жорий ва режалаштирилаётган миллий ва минтақавий лойиҳалар кўриб чиқилди.

Мулоқот чоғида 2018-йилда Ўзбекистон ҳукумати “Bonn Challenge” дастури доирасида 500 минг гектардан ортиқ деградацияга учраган ландшафтларни тиклаш мажбуриятини олгани қайд этилди.