Финляндия Ўзбекистонга юридик ёрдам кўрсатиш лойиҳасини амалга ошириш учун 1,5 миллион евро ажратади

Лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилиб, 3 йилга мўлжалланган. Тегишли ҳужжат Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси Илкка Раисанен ва БМТ Тараққиёт дастури вакили матилда Димовска томонидан имзоланди.

Лойиҳа бепул юридик ёрдам кўрсатишни кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича Омбудсман институтининг марказий ва минтақавий салоҳиятини кучайтириш, фуқаролик жамиятининг адолатни ҳурмат қилиш салоҳиятини кучайтириш орқали кам таъминланган фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Лойиҳага эксперт ёрдами собиқ адлия вазири Тужа Бракс бошчилигидаги Хелсинки университети қошидаги Қонун устуворлиги маркази томонидан амалга оширилади. Марказнинг бир гуруҳ мутахассислари жорий йилнинг 23-25 август кунлари мамлакатимизда бўлди.

Қонун устуворлиги Финляндия Ташқи ишлар вазирлигининг 2024-йилгача Марказий Осиё бўйича мамлакат стратегиясида белгиланган ҳамкорликнинг учта асосий йўналишидан бири бўлиб, барқарор иқтисодий ривожланиш ва табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштиришдан иборат. Стратегия доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга бериладиган ёрдамнинг умумий миқдори 25 миллион еврони ташкил этади.