Франция Украинанинг Изюм шаҳрига терговчиларни юборади

Франция Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Кетрин Колонна Париж Украинага Харков вилояти Изюм шаҳрида содир этилган ҳарбий жиноятларни тергов қилаётган терговчиларни қўллаб-қувватлаш миссиясини юборишини маълум қилди. Бу ҳақда 22-сентабр, пайшанба куни Колонна БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украинадаги вазият билан боғлиқ йиғилишида айтиб ўтди.

«Апрел ойида Бучада содир этилган жиноятлар ҳақида маълум бўлди, биз Украинага икки терговчилар гуруҳини юбордик. Улар уч ой давомида Украина адлиясига фактларни сабр-тоқат ва эҳтиёткорлик билан тиклашга ёрдам беришди ва биз ДНК таҳлили учун мобил лабораторияни совға қилдик.

Энди дунё Изюмдаги янги жиноятлардан хабардор бўлганидан сўнг, биз терговчиларни жойларда қўллаб-қувватлаш учун яна бир миссия юборишга қарор қилдик, чунки Россия ташвиқот ва дезинформациядан фойдаланган ҳолда, адолат факт ва далилларга асосланган бўлиши керак», — деди Франция дипломатияси раҳбари.

Харков вилоятидаги Изюм шаҳри сентябр ойи бошида Украина қўшинларининг қарши ҳужуми чоғида Россия босқинидан озод қилинган эди. Унда 450 дан ортиқ жасаднинг оммавий қабри бор. Ғарб етакчилари бунга кескин муносабат билдиришди. Харков вилоятининг Изюм ва Балаклея шаҳарларини босиб олиш даврида руслар худди Киев вилоятидаги каби йўл тутдилар: улар аҳолини қийноқларга солишди, болалар боғчалари ва мактабларни, бошқа инфратузилмаларни вайрон қилишди.