Франциянинг бир компанияси Тошкентда сув таъминотини яхшилаш билан шуғулланади

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати улар ичимлик суви сифатини ошириш бўйича йиғилиш ўтказганлигини хабар қилди.

Хусусан, Франтсиянинг SUEZ компанияси расмийлари билан учрашув бўлиб ўтгани айтилмоқда. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, «Тошкент шаҳар сув таминоти» МЧЖнинг ваколатли вакиллари, SUEZ вице-президенти Эрик Гебали ва бошқа ваколатли шахслар иштирок этишди.

Франциянинг SUEZ компанияси билан биргаликда 7 йилга мўлжалланган Тошкент шаҳридаги сув таъминотини ўзгартириш режасини амалга ошириш муҳокама қилинди. Сув таъминоти иншоотлари бу алоҳида мақомга эга ва мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлардир. Ҳоким бу масалада давлат хавфсизлигини қандай таъминлашни ният қилгани ҳақида хабар берилмаган.

Франция томонининг сўзларига кўра, улар пойтахтнинг ичимлик сув таъминоти тизимини ўрганиб, соҳани модернизация қилиш ва унинг фаолиятига янги технологияларни жалб қилиш бўйича ташкилий масалаларни кўриб чиқдилар. Энди умумий маълумотларнинг таҳлили асосида мақсадли чора-тадбирлар белгиланади ва лойиҳани амалга оширишнинг амалий жараёни бошланади.

Лойиҳани амалга ошириш Тошкент шаҳрининг сув таъминоти ва канализация тармоқларининг халқаро стандартларга мувофиқ ишлашини, замонавий менежментни жорий этилишини ва ичимлик суви йуқотилишининг олдини олишни таъминлайди. Лойиҳа, шунингдек, ходимларни ўқитишни ҳам назарда тутади.

Бунга қўшимча қилайлик, 20 феврал куни Бош вазир ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов «SUEZ» компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизатсия қилиш ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида франтсуз компанияси раҳбарияти Франтсия ҳукумати Тошкент шаҳрининг сув таъминоти тизимини такомиллаштириш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 миллион евро миқдорида маблағ ажратилишини маъқуллаганлигини эълон қилди.