Германия ва Италия компанияларга Россия газини рублга сотиб олишга рухсат берди

Германия ва Италия ҳукуматлари компанияларга Россия газини сотиб олиш учун рублда ҳисоб очишга рухсат берди, дея хабар бермоқда Reuters манбаларга таяниб.

Нашрнинг икки манбаси немис газ импортчилари Берлиндан Россия гази учун санкцияларни бузмаган ҳолда тўлаш учун рубл ҳисоб рақамларини очиш имконияти ҳақида билдиришнома олганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Германия бу борада ЕИ билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилган.

Reuters шунингдек, Италия ҳукумати ҳам Европа комиссияси билан алоқа ўрнатган ва Россия газини қонуний равишда қандай сотиб олиш бўйича тушунтиришлар олганини хабар қилади.

Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, бу Италиянинг Eni энергетика компанияси иккита ҳисоб очиш тартибини эълон қилишидан олдин содир бўлган: бири еврода, иккинчиси рублда.

Шу ҳафта Россия президенти Владимир Путин бир қатор Европа давлатлари Россия нефт ва газидан анча вақтгача воз кечолмаслигини айтди.