Германиянинг Henkel компанияси Россия бозорини тарк этади

Германиянинг маиший кимё ишлаб чиқарувчиси Ҳенкел Россиядаги фаолиятини тўхтатади. Унинг консернига Persil, Syoss, Szwarzkopf, Technomelt, Pattex, Pritt ва бошқа компаниялар киради. Тегишли баёнотни компания ўз веб-сайтида эълон қилди.

“Украинадаги ҳозирги уруш воқеалари фонида Ҳенкел Россиядаги фаолиятини тугатишга қарор қилди. Энди биз Россиядаги жамоаларимиз билан тартибли жараённи таъминлаш учун тафсилотлар устида яқиндан ишлаймиз”, – дейди ишлаб чиқарувчи.

Компания бош директори Карстен Кнобелнинг айтишича, Ҳенкел Россиянинг Украинага қарши урушини ва тинч аҳолига нисбатан зўравонликни қоралайди.

«Бизнинг устувор вазифамиз Украинадаги ҳамкасбларимизни қўллаб-қувватлаш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилишдир», деди у.

Шу билан бирга, Россияда 25 минг ишчи ишлашда ва маош олишда давом этади.

Бундан ташқари, Ҳенкел Украина ва қўшни давлатлардаги ўз ходимларини молиявий хайрия ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш орқали қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шунингдек, кўплаб ишчилар Украинадан келганларга зарурий товарларни тарқатиш ёки уй-жой таклиф қилиш орқали чегараларда ёрдам беришаётгани айтилади.

Украина президенти Владимир Зеленский компаниянинг Россия бозоридан чиқишига ижобий муносабат билдирди.

“Кўпроқ глобал компаниялар Россияда ёпилишини эълон қилмоқда. Бугун Германиянинг Henkel компанияси яна юзлаб ана шундай йирик компаниялар қаторига қўшилди”, — деди у.