Россиянинг Украина билан уруши оқибатлари жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 86 фоизини ташкил этувчи 143 мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатмоқда.
Бу ҳақда ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева маълум қилди, деб ёзади Bloomberg.
Унинг сўзларига кўра, уруш туфайли фонд 2022 йил учун прогнозларини ёмонлаштиришга мажбур.
Иқтисодий истиқболлари пасайган давлатлар орасида Европа, Осиё, Африка ва Яқин Шарқдаги озиқ-овқат ва энергия импортчилари бор.
Георгиева таъкидлаганидек, Украина-Россия можароси глобал иқтисодиётнинг пандемия оқибатларидан тикланишига путур етказиши мумкин.
«Содда қилиб айтганда, биз инқироз фонида инқирозга юз тутмоқдамиз. Россиянинг Украинага бостириб кириши, Украина иқтисодининг вайрон бўлиши натижасидаги зарба тўлқинлари бутун дунёга тарқалмоқда», – деди Георгиева.
Унинг сўзларига кўра, можаронинг кучайиши ва янги санксияларни ҳисобга олсак, жаҳон иқтисодиётининг тақдири аниқ эмас.
ХВЖ раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳозирги сиёсий иқлим «асримиздаги энг қийин».