Ҳиндистоннинг йирик компанияси Россиядан нефт сотиб олишдан бош тортди – ОАВ

Катта ҳажмдаги Россия нефтини сотиб олган Ҳиндистоннинг IOC нефт корпорацияси бир қатор нефт навларини, шу жумладан, Россиянинг Уралини ҳам тендердан олиб ташлади.

12-апрел, сешанба куни бу ҳақда манбаларга таяниб Reuters хабар бермоқда.

Ҳиндистоннинг етакчи нефтни қайта ишлаш заводи бозор иштирокчиларига Das, Eugene Island, Thunder Horse ва Urals хом нефти сешанба куни ёпиладиган сўнгги тендерда навлар рўйхатида йуқлигини айтди.

Агентлик эслатишича, АҚШ президенти Джо Байден душанба куни кечки пайт Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модига Россиядан кўпроқ нефт сотиб олиш Ҳиндистон манфаатларига тўғри келмаслиги ва АҚШнинг Россиянинг Украинага қарши урушига муносабатига тўсқинлик қилиши мумкинлигини айтган.