Вазирлар Маҳкамасининг «Иш вақти ва дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг маданий савиясини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳага кўра, республиканинг барча саноат корхоналарига иш кунининг бошида ва охирида халқ куй ва қўшиқларини, жумладан, мақом ижросини амалиётга жорий этиш тавсия этилган.
Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ишлаб чиқариш корхоналарида иш кунининг боши ва охирида халқ куй ва қўшиқлари, жумладан, мақом ижроси учун тавсия этилган асарлар рўйхатини тасдиқлаш режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига қуйидагилар таклиф қилинган:
· ишлаб чиқариш корхоналарида иш кунининг бошида ва охирида халқ куй ва қўшиқларини, жумладан, мақом ижросини ташкил этиш;
· зарур ҳолларда саноат корхоналари таъсисчилари билан ҳамкорликда корхонада миллий қадриятларни тараннум этувчи куй ва қўшиқларни эшиттириш учун радиомарказлар ташкил этиш.
Маданият ва туризм вазирлиги ҳудудий бошқармалар билан биргаликда:
· қарорга иловага мувофиқ ишлаб чиқариш корхоналари ходимларининг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатувчи (муаллифлик ҳуқуқи бўйича) тавсия этилган асарлар рўйхати билан мусиқа албомини тайёрлайди ва ишлаб чиқариш корхоналарига тақдим этилишини таъминлайди;
· номоддий маданий мероснинг ноёб элементлари бўлган маданий тадбирлар дастурларини, жумладан, бахши, мақом ва аския санъати намуналарини тайёрлайди ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарида намойиш этилишини таъминлайди;
· ҳар ойнинг 20-санасигача ишлаб чиқариш корхоналарини ўзлари жойлашган ҳудудда келгуси ойда ташкил этиладиган оммавий-маданий-концерт-кўнгилочар тадбирлари ўтказилиши тўғрисида хабардор қилади.