Исроил Зеленский ва Путиннинг Қуддусда учрашувини ташкил этишга тайёр

Исроил ҳукумати Қуддусда Украина президенти Владимир Зеленский ва Россия етакчиси Владимир Путин ўртасида учрашув ўтказишга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда 20-апрел, чоршанба куни Исроилнинг Россиядаги элчиси Александр Бен Цви маълум қилди.

«Исроил Қуддусда Россия Федерацияси ва Украина етакчилари Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг эҳтимолий учрашувига мезбонлик қилишга тайёрлигини тасдиқлайди. Аммо улар яна тегишли қарор қабул қилишлари керак», — деди дипломат.

Шунингдек, у Исроил Россия Федерацияси ва Украина президентлари ўртасида эҳтимолий музокараларни ўз мамлакати ҳудудида ўтказишни «буюк шараф» деб билишини таъкидлади.

«Россия Федерацияси ва Украина делегациялари Истанбулда бўлгани каби Қуддусда ҳам учрашувлар ўтказиши мумкин эди», деди Александр Бен Цви ва «ҳарбий ҳаракат ҳар доим энг ёмон вариант» деб қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳали март ойида Зеленский Путин билан Исроилда музокара ўтказишни таклиф қилган эди. Унинг фикрича, Россия, Украина ёки Беларусда учрашиш нотўғри ва конструктив эмас.