Япония, Австралия ва Янги Зеландия Россияга қарши янги санкциялар киритди

Япония, Австралия ва Янги Зеландия Украинадаги жанговар ҳаракатлар туфайли Россияга қарши янги санкциялар киритди.

Шу тариқа, Япония Россиянинг 15 нафар жисмоний шахси ва тўққизта ташкилотга, жумладан, мудофаа сектори расмийлари ва давлат қурол экспортчиси Рособоронэкспортга қарши санкциялар эълон қилди, деб хабар бермоқда Reuters.

Активларни музлатишни назарда тутувчи санкциялар остида, жумладан, Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова, олигарх Сулаймон Керимов, Россия Федерацияси мудофаа вазирининг саккиз нафар ўринбосари ҳам бор эди. Компаниялар орасида “Рособоронэкспорт”, “Россия вертолётлари”, “Бирлашган авиация корпорацияси”, “Уралвагонзавод” ва бошқаларга нисбатан санкциялар жорий қилинган.

Умуман олганда, Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Япония Россиядаги 76 киши, етти банк ва бошқа 12 ташкилотга қарши санкциялар киритди.

Янги Зеландия, мамлакат ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 13 нафар россияликга нисбатан санкциялар жорий қилган. Улар орасида президент Владимир Путин ва Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг 12 нафар аъзоси, битта банк ва бошқа 18 ташкилот бор.

Санкциялар орасида улар билан ҳамкорлик қилишни тақиқлаш, активларни музлатиш ҳамда кема ва самолётларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш киради. Бундан ташқари, Янги Зеландия яна 364 нафар сиёсатчи ва ҳарбий хизматчининг мамлакатга киришини тақиқлади.

Австралия шунингдек, Россиянинг суверен қарзига хизмат кўрсатувчи яна 11 та Россия банки ва давлат идораларига нисбатан санкциялар жорий қилди, дея хабар беради мамлакат ТИВ.

Улар биргаликда Россия банк активларининг қарийб 80% ни ташкил қилади ва Сбербанк, Газпромбанк, ВЭБ, ВТБ, Россельхозбанк, Совкомбанк, Новикомбанк, Альфа-Банк ва Москва кредит банкини ўз ичига олади.

Австралия ҳам президент Владимир Путинга яқин олигархларга нисбатан санкция босимини кучайтирди.

Қайд этилишича, аввалроқ санкциялар қўлланилган 41 нафар олигарх ва яқин қариндошларидан ташқари, Австралия эндиликда Австралиядаги бизнес манфаатларига алоқадор икки миллиардер – Олег Дерипаска ва Виктор Векселбергни ҳам ўз сафига қўшиб олди.