Япония Украинага фавқулодда ёрдам етказади

Япония Украинага қишки тайёргарлик учун 2,5 миллион долларлик генераторлар ва қуёш энергияси билан ишлайдиган лампалар етказиб беради.

Бу ҳақда 22-ноябр, сешанба куни Япония ташқи ишлар вазирлиги ма’лум қилди.

“Япония ҳукумати Украинага электр энергетикаси соҳасида қишки тайёргарликни қўллаб-қувватлаш учун тахминан 2,57 миллион доллар миқдорида фавқулодда молиявий ёрдам кўрсатишга қарор қилди”, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, генераторлар ва лампалар Украинага БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси орқали етказилади.

Япония ташқи ишлар вазирлиги Украинада Россия зарбалари натижасида мамлакат энергетика инфратузилмасининг муҳим қисми вайрон бўлгани сабабли электр таъминотида кенг кўламли узилишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Қишки совуқнинг бошланиши билан Япониянинг ёрдами иситиш мосламалари ва ёритиш мосламаларидан фойдалана олмайдиганлар учун катта аҳамиятга эга бўлади.