Электрон давлат харидлари тизимининг механизми такомиллаштирилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон давлат харидлари тизими операторлари фаолиятини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда электрон давлат харидлари тизими операторлари фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, давлат буюртмачилари ва давлат харидлари тизимида иштирок этувчи тадбиркорлик субъектларининг маблағларини молиявий таваккалчиликлардан ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Қарорга мувофиқ, электрон давлат харидлари тизими оператори фаолиятига бир қатор талаблар белгиланди.

Шу жумладан:

· норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабларга жавоб берадиган электрон давлат харидлари тизимининг мавжудлиги ва унинг операторга тегишлилиги;

· камида 25 000 БРВ миқдорида тўлиқ шаклланган устав фонди (капитал) мавжудлиги;

· электрон давлат харидлари тизимида тузилган битимлар ижросини таъминлашда фақат Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимида очилган шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали амалга ошириладиган ҳисоб-китоб клиринг тизимининг мавжудлиги;

· электрон тижорат ва ахборот технологиялари соҳасида камида 2 йиллик иш тажрибасига эга бўлган камида икки нафар малакали ходимнинг, шунингдек cалл-марказнинг мавжудлиги.

Операторларга давлат харидлари субъектларининг маблағларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши, шу жумладан тижорат банкларига жойлаштириши тақиқланади.

Қарорга кўра, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги бир ой муддатда электрон давлат харидлари тизими операторлари фаолиятини тартибга солиш янада такомиллаштирилиши муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилди.

Шундан сўнг электрон давлат харидлари тизими операторлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом қабул қилинади. Унда операторлар фаолиятига талаблар қўйиладиган, фаолиятга рухсат бериш, назорат қилиш, тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби, давлат харидларининг электрон тизимларига, шу жумладан уларнинг ахборот хавфсизлигига, маълумотлар марказига ва дастурий қурилмаларига, операторлар ва давлат бошқаруви субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларга қўйиладиган техник талаблар белгиланади. Шунингдек, харидлар соҳасидаги барча тўловлар Иқтисодиёт ва Молия вазирлигининг ахборот тизимида очилган шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали амалга оширилмоқда, давлат харидлари иштирокчилари учун услубий қўлланма ишлаб чиқилиб, давлат харидлари бўйича ва давлат харидлари бўйича масъул мутахассисларнинг малакасини мунтазам такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланмоқда.