Энергетика вазирлиги ис газидан тез-тез заҳарланиш ҳолатларининг сабабларига изоҳ берди

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ангренда қазиб олинаётган кўмир сифати пастлиги туфайли ис газидан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учраб бораётгани ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди.

Хўжаевнинг айтишича, Ангрен кўмир конида кўмир қазиб олиш ва юклаш жараёнида ҳар бир алоҳида автомобил учун маҳсулот сифати назорат қилинади. Иш прокуратура органлари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. У углерод оксиди билан боғлиқ муаммолар кўмирнинг сифати ёки келиб чиқишига боғлиқ эмас, балки нотўғри ишлаётган печлар туфайли юзага келишини таъкидлади.

«Содда қилиб айтганда, Ангрен кўмири бўладими ёки хориждан келтирилган кўмир бўладими, ўчоқ тўғри ишламаса, ис газидан заҳарланиш мумкин», — деб тушунтирди Шерзод Хўжаев.

Энергетика вазирлиги раҳбари ўринбосари, шунингдек, президент ва ҳукумат томонидан мамлакатимизнинг чекка ҳудудларини кўмир билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилганини қўшимча қилди. Бу борада прокуратура томонидан алоҳида назорат ўрнатилган. Кўмир нархининг сунъий равишда ошишига қарши кураш олиб борилмоқда.

Ангрен конида қазиб олинадиган ва аҳолига сотиладиган кўмир нархи давлат томонидан белгиланади. 1 тоннаси учун 300 минг 300 сўм.