Энергетика вазирлиги электромобиллар учун зарядловчи қурилмалар ишлаб чиқилиши ҳақида маълум қилди

Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт” дастурини ишлаб чиқиш жараёнида бир қатор инновацион лойиҳалар кўриб чиқилмоқда, улардан бири қуёш технологияларидан фойдаланиш асосида электромобиллар учун юқори тезликда зарядловчи қурилмаларни яратиш ва ривожлантиришдир.

Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий тадқиқот институтида водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ҳамда қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синовдан ўтказиш ва сертификатлаш лабораторияси мавжуд бўлиб, уларда ҳозирда бир қатор амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Хитойнинг “Henan Suda” компанияси техник кўмагида институтга 20 та электромобиль ажратилиб, улар асосида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Соҳани жадал ривожлантириш мақсадида институт олимлари томонидан қатор илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Улардан биринчиси қуёш технологиясидан фойдаланган ҳолда электромобиллар учун юқори тезликда зарядловчи қурилмаларни яратиш ва ривожлантириш лойиҳасидир. Лойиҳадан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг иқлим шароитини инобатга олган ҳолда барча ҳудудларда маҳаллий электр тармоқлари билан параллел равишда ишлайдиган энергия сақлаш тизимига эга қуёш фотоволтаик станциялари орқали электр транспорт воситаларини тез зарядловчи қурилмаларни жорий этишни ривожлантиришдан иборат.

Натижада мамлакатимизда ўрнатилган ҳар бир бундай тизим йилига 950 та электромобилни қувватлантиришга мўлжалланган 32 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш, бундан ташқари, 11,2 минг куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага 19,8 тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олдини олиш имконини беради.

Институт томонидан ишлаб чиқилаётган иккинчи лойиҳанинг мавзуси қуёш фотоелектр тизимларини марказий электр тармоғига жорий этиш бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва тайёрлашдан иборат.

Лойиҳа иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда республика ҳудудларида фотоелектрик тизимларнинг хавфсиз ишлаши учун аниқ ечимлар, техник-иқтисодий асослар ва мезонларни ишлаб чиқишни назарда тутади.

Фотоелектрик тизимлардан иқтисодиётнинг барча тармоқларида, турар-жой массивларида, умумий тармоққа уланган хусусий ва давлат корхоналарида фойдаланиш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда.

Афзаллиги шундаки, фотоволтаиклар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси минимал ёъқотишлар билан тармоққа ўтказилади. Ҳудудларнинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда фотоелектрик тизимларни тармоққа улаш ва тариф механизмларига тавсиялар ишлаб чиқилади.