Канада Россия ва Беларуснинг мудофаа саноатига қарши санкцияларни кенгайтирди

Канада ҳукумати тажовузкор давлат Россияга қарши янги санкциялар жорий қилмоқда. Чекловлар Россия мудофаа саноати билан боғлиқ 6 жисмоний ва 46 юридик шахсга тааллуқлидир.

Бу ҳақда 27-июн, душанба куни Канада ҳукумати сайтида маълум қилинди.

«Канада ҳукуматининг жорий қилган кучли санкцияларига қўшимча равишда киритилган янги чоралар олти нафар шахс ва Россия мудофаа сектори билан боғлиқ бўлган 46 та юридик шахсга нисбатан чекловлар жорий этишни ўз ичига олади», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, Россиянинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган Украинанинг 15 нафар фуқароси, Беларусдан еса 13 нафар жисмоний ва икки юридик шахс ҳам санкциялар остида қолган.

Канада бош вазири Жастин Трюдо «Россиянинг ички мудофаа ишлаб чиқариш имкониятларини яхшилаш» мумкин бўлган айрим илғор технологиялар, жумладан квант компютерлари ва илғор ишлаб чиқариш ускуналари экспортини тақиқлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини айтди.

Бундан ташқари, Канада Беларусга қурол ишлаб чиқаришда қўлланилиши мумкин бўлган илғор технологияларни экспорт қилишни, шунингдек, ҳашаматли буюмларнинг кенг ассортиментини экспорт ва импорт қилишни тақиқлади.

Бундан ташқари, Канада ҳукумати АҚШ, Буюк Британия ва Япония билан биргаликда Россиядан айрим олтин товарларни олиб киришни тақиқлашга қарор қилди.

Аввалроқ, душанба куни Россия 43 нафар Канада фуқаросининг мамлакатга киришини тақиқлагани маълум бўлган эди. Гап федерал ва минтақавий амалдорлар, ҳукмрон Либерал партия функционерлари, шунингдек, Канададаги жамоат арбоблари ҳақида бормоқда.