Корея махсус кучлари Ўзбекистон билан қўшма машғулотлар ўтказади

Жанубий Корея ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус кучлари гуруҳлари терроризмга қарши кураш бўйича қўшма машғулотлар ўтказади.

Бугун Ўзбекистонга Корея Миллий полиция агентлигининг махсус бўлинмалари гуруҳи келади.

Махсус кучлар мутахассислари икки мамлакат тарихида биринчи марта ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари махсус бўлинмаларининг қўшма машғулотларини ўтказиш ниятида. 29-ноябрдан 5-декабргача бўлган муддатга мўлжалланган машғулотларнинг мавзуси терроризмга қарши кураш бўлади.

Жорий йилда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари мутахассислари ўртасида ўтказилган икки томонлама учрашув ва музокаралар чоғида ҳамкорликда ишлаш бўйича келишувга эришилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги. Томонлар тажриба алмашиш ва террорга қарши амалий вазифаларни ишлаб чиқиш ниятида.

Машғулотларда Ўзбекистон томонидан Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмалари иштирок этади.