Корея ОКМКга 12 миллион доллар грант ажратди

«Олмалиқ КМК» АЖ ахборот хизмати хабарига кўра, Корея Миллий Ассамблеяси ОКМКга 15 миллиард вон миқдорида грант ажратиш тўғрисида қарор қабул қилгани маълум бўлди.

Мазкур грант доирасида Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон-Корея илмий-технология марказида саноат тажриба цехи ташкил этилади.

Бунинг учун замонавий технологик лаборатория жиҳозлари харид қилинади. Янги цехда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш дастури асосида янги технологияларни жалб этиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади.

Грант олишда ОКМК мутахассислари ва олимлари томонидан жорий йилнинг 14-18-ноябр кунлари Кореяда бўлиб ўтган 17-Халқаро Янги ва наноматериаллар симпозиумида (ISNNM-2022) тақдим этилган илмий ишланмалар ва тақдимотлар муҳим рол ўйнади.

Ушбу грант тадбирида 20 дан ортиқ давлат иштирок этди. Беғараз ёрдам ажратишда ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатлари, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, илмий ишланмаларни жорий этиш, шунингдек, олимларнинг илмий тадқиқотлари ютуқлари ҳисобга олинди.

Грант Ўзбекистон компанияларига илмий ишланмаларни тайёрлаш учун инфратузилма яратиш, нодир металлар ва мисни чуқур қайта ишлаш бўйича янги технологияларни жалб қилиш учун ажратилади.

Шунингдек, беғараз ёрдам кўрсатишдан кўзланган мақсад ҳам мамлакатимиз ишчи кучининг илмий салоҳиятини, шунингдек, Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги хусусий бизнес сектори имкониятларини оширишдан иборат.

Лойиҳани амалга ошириш 2023-2027 йилларга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида ассоциация доирасида Ўзбекистон-Корея илмий-технология марказининг саноат тажриба сехига тажриба ускуналари келтирилади ва қўшма тадқиқот дастури амалга оширилади.

Кореялик ноёб металлар ва мис саноати мутахассислари Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини олиб борадилар, завод муҳандислари Кореяда малака оширишади, дейилади хабарда.